Президентга темир йўл соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси йилларга мўлжалланган режалар ҳақида маълумот берилди.
Йиғилишда 2026-2030 йилларда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини камида 2 баробар ошириш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун 151 км янги темир йўл қуриш ва 182 км мавжуд темир йўлларни электрлаштириш, шунингдек, 27 та мавжуд станция ва 1 минг км темир йўлларни модернизация қилиш режалаштирилган.
Хусусан, Нурафшон - Пискент - Бўка - Бекобод - Боёвут - Янгиер ва Ховос - Даштобод йўналишларида янги электрлаштирилган темир йўл линиялари қурилади. Қумқўрғон - Қудуқли, Самарқанд - Ургут ва Байтқўрғон - Паркент йўналишларини электрлаштириш, Тошкент - Самарқанд, Тўқимачи - Ангрен ва Ангрен - Поп йўналишларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш режалаштирилган.
Шаҳар атрофи темир йўл транспорти хизматларини фаоллаштириш учун мавжуд 40 та йўналишга қўшимча равишда 15 та янги йўналиш очиш таклиф этилмоқда.
Қуйидаги йўналишлар бўйича шаҳар атрофи йўналишларини ташкил этиш аҳолининг кундалик қатновлари учун қулай шарт-шароитлар яратади:
• Тошкент - Нурафшон - Оҳангарон - Ангрен;
• Навоий - Зарафшон - Учқудуқ;
• Когон - Наманган - Андижон - Марғилон;
• Термиз - Қумқўрғон - Бойсун - Дарбанд;
• Нукус - Шовот - Урганч - Хива;
• Жиззах - Дўстлик - Айдар-Арнасой;
• Қарши - Шаҳрисабз.
Йиғилишда тезюрар поездлар тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 102 километрлик "Навоий - Бухоро" темир йўлини фойдаланишга топширишни тезлаштириш бўйича топшириқ берилди. Ушбу йўналишнинг ишга туширилиши юк ва йўловчи ташиш вақти ҳамда харажатларини сезиларли даражада қисқартириш имконини бериши қайд этилди.
Комментарии