OpenAI компанияси 2025 йил 29 октябрдан ўз хизматларидан фойдаланиш бўйича янгиланган қоидаларни кучга киритди. Янгиликка кўра, компаниянинг ChatGPT ва бошқа сунъий интеллект маҳсулотлари лицензия талаб қилувчи соҳаларда — масалан, тиббий ёки ҳуқуқий маслаҳат беришда — фақат умумий маълумот бериши мумкин.
OpenAI’нинг расмий Usage Policies ҳужжатида айтилишича, хизматлардан “профессионал лицензиясиз тиббий ёки ҳуқуқий маслаҳат бериш, молиявий қарорлар қабул қилиш ёки шахсий маълумотларга асосланган тавсиялар тайёрлаш” мақсадида фойдаланиш тақиқланади.
Шу билан бирга, компания инсон ҳаётига таъсир қилувчи муҳим соҳаларда — жумладан, молия, суғурта, кредит, таълим, уй-жой, ишга жойлашиш ва давлат хизматларида — ChatGPT ёки бошқа моделлар орқали автоматик қарор қабул қилиш ёки баҳолашни чеклаган.
OpenAI таъкидлашича, бундай чоралар хизматлардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Чат-бот фақат умумий принциплар ва атамаларни тушунтиришга ёрдам беради, аммо фойдаланувчига мос равишда шахсий тавсиялар ёки қарорлар таклиф этмайди.
Компания маълумотига кўра, ушбу қоидаларнинг бузилиши ҳолатларида фойдаланувчининг OpenAI тизимларига кириши чекланиши мумкин.
Комментарии