Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан турли интернет нашрларида “Ўзбекистон почтаси” АЖдаги давлат улушининг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ эълон қилинган материаллар асосида миллий почта алоқа операторидаги давлат улушининг хусусийлаштирилишига оид очиқланган маълумотлар ва соҳадаги қонунчиликда ўрнатилган талаблар ўрганилди.
Жумладан, давлат раҳбарининг тегишли фармонлари билан “Ўзбекистон почтаси” АЖ Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатига киритилган бўлиб, АЖнинг 29,4 % давлат улуши оммавий савдоларга чиқариладиган акциялар пакетлари (улушлари) рўйхатидан жой олган.
Амалдаги қонунчилик ҳужжатларида давлат активларини хусусийлаштириш шаффофлик ва қонунийлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек коррупцияга йўл қўймаслик каби принципларга асосланиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, давлат органлари хусусийлаштирилаётган давлат мулки ҳақидаги маълумотлардан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган усулларда эркин фойдаланиш имкониятини яратиши шарт.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони 4-банди ҳамда Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатида Давлат активларини бошқариш агентлиги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхатини (давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда) Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириши ва ҳар чоракда янгилаб бориши белгиланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 572-сон Қарорига биноан давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни порталга жойлаштирмасдан савдога чиқаришга йўл қўйилмайди.
Юқоридагиларга мувофиқ, ўрганиш якунлари бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат активларини реализaция қилинишида амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан, хусусийлаштириш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик принципларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан тақдимнома киритилди.
Комментарии