Президент "Стандартлаштириш ва баҳолаш соҳасида жавобгарликни кучайтириш, сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарганлик учун жавобгарликни ошириш тўғрисида"ги қонунни имзолади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига қуйидаги мазмундаги қўшимча киритилмоқда: агар мувофиқликни баҳолаш қоидаларининг бузилиши оқибатида фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган бўлса, мувофиқликни баҳолаш органи сотувчи ва товар (иш, хизмат) ишлаб чиқарувчи билан биргаликда етказилган зарарни қоплаш учун солидар жавобгар бўлади.
Бундан ташқари, қонунда сифатсиз товарларни ихтиёрий равишда олиб қўйган тадбиркорларни ҳуқуқий рағбатлантириш назарда тутилмоқда.
Хусусан, "Стандартлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг 27-моддаси ва "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуннинг 46-моддасига қўшимчалар киритилиб, унга кўра стандартларнинг мажбурий талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулотнинг камида 70 фоизини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайтариб олган юридик шахслар молиявий санкциялардан озод этилади.
Эслатиб ўтамиз, агар ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилса, жарима сотилган маҳсулот қийматининг 50%ини, бир йил ичида такроран содир этилганда - 100 фоизини ташкил этади.
Мазкур қонун 2026 йил 19 январдан эътиборан кучга киради.
Комментарии