Бу йил кузда Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади. Бу сессия охирги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқарида ўтказилади.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйган 2017 йилдан буён мамлакат глобал маданий ва таълим соҳасидаги кун тартибини шакллантиришда фаол иштирокчилардан бирига айланди.
Сўнгги саккиз йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик рамзий даражадан стратегик йўналишга айланди: ёдгорликларни тиклашдан — илмий ва маданий институтлар яратишга, алоҳида фестиваллардан — маданий экотизимни шакллантиришга ўтилди.
Шу давр мобайнида Ўзбекистоннинг 16 та номоддий маданий мерос элементи ЮНЕСКО рўйхатларига киритилди, Самарқанд ва Тошкент университетларида ЮНЕСКО кафедралари ташкил этилди, шунингдек, Беруний номидаги халқаро мукофот таъсис этилди.
«Ўзбекистон маданий дипломатия модернизация воситаси бўлиши мумкинлигини исботлади. Бу — мерос инновациялар пойдеворига айланиши мумкинлигининг ёрқин намунаси», — деб таъкидлашмоқда ташкилот вакиллари.
Бундан ташқари, ЮНЕСКО билан ҳамкорликда иқлим тадқиқотлари, мактабгача таълим, фан ва рақамли трансформация соҳаларида қатор дастурлар амалга оширилмоқда.
Яқин вақтларда Самарқандда ЮНЕСКОнинг мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича минтақавий маркази очилади, шунингдек, сунъий интеллектни жорий этишга тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича қўшма методология тақдим этилади.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси мазкур йўлнинг мантиқий давоми бўлади. Илк бор Ўзбекистон глобал мулоқотда фақат иштирокчи эмас, балки унинг мазмунини шакллантирувчи мамлакат сифатида қатнашади.
Комментарии