Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, 2025 йил 9 октябрь куни соат 9:00 лардан 16: 00 га қадар бўлган вақт давомида Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасаларининг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар тарбияланувчилари иситма кўтарилиши, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиш ва ҳалсизлик каби шикоятлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилишган.
Шифокорлар томонидан ўтказилган эпидемиологик сўриштирув давомида мурожаат қилиб келган болалар 2025 йил 8 октябрь куни мактабгача таълим муассасаларида биокефир, сир ва сариёғ каби маҳсулотларни истеъмол қилганлиги аниқланиб, уларга анамнез ва биринчи текширувлар асосида “ўткир диарея” ташхиси қўйилиб, стационар равишда тиббий ёрдам кўрсатилган.
Аниқланишича, Жиззах вилояти санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига асосан Фориш тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 1, 3, 5 ва 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида оммавий заҳарланиш юзага келишида озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш, ишлов бериш жараёнларидаги санитария қоида ва нормаларининг бузилиши ҳолатлари мавжудлиги сабабли инсон организмида ошқозон-ичак ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келиши мумкинлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фориш туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан 082352/2025-24-фг сонли жиноят иши қўзғатилиб, сўриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Комментарии