Миллий марказнинг катта инспектори Муҳаммадқодир Маҳмудовнинг маълум қилишияа, жорий йилнинг олти ойи давомида олий таълим муассасаларининг 46 нафари талабаси наркотик моддалар савдосида иштирок этган.
Гиёҳвандлик воситаларининг истеъмоли ортгани сари наркожиноятлар сони ҳам ошиб бормоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг саъй-ҳаракати натижасида жорий йилда аниқланган наркожиноятлар ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган.
"Авваллари гиёҳвандлик воситалари табиий кўринишда учраган бўлса, бугунги кунда турли маҳсулотлар таркибида, жумладан, ичимликлар, қувватлантирувчи озуқалар, қаҳва, ширинликлар ва шу каби маҳсулотлар таркибида учраётгани даҳшатлидир. Битта истеъмолдаёқ ўзига қарам қилувчи воситалар жинс, ёш, ижтимоий қатлам танламаяпти", — деди Маҳмудов.
Статистикага кўра, 2024 йил давомида 5 та нарколаборатория аниқланган бўлса, 2025 йилнинг ярмига келиб бу рақам 8 тага етган.
Маҳмудов таъкидлашича, замонавий наркотик моддалар таъсири аввалгидек тез намоён бўлмайди. Шу сабабдан ота-оналар кўпинча фарзандларининг гиёҳвандлик таъсирига тушганини дарҳол пайқамайдилар.
"Илгари “наркоман” деганда, кўз ости қорайган, томирларида игна излари бор одамлар тушунилган. Ҳозир эса наркотик истеъмол қилган ёшлар ҳаддан ортиқ серҳаракат, фаол ва сергак бўлиб қолади. Бу эса ота-оналарни шубҳалантирмаслиги турган гап. Боладаги ижобий ўзгариш барчани мамнун қилиб, унинг бирор модда истеъмол қилиши мумкинлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Аммо бу вақтинча ҳолат. Вақт ўтиши билан пайдо бўлган оғриқлар, азоблар ва руҳиятдаги кескин ўзгариш айрим ёшларни суицидга бошлаётгани аянчлидир", — дея огоҳлантирди у.
Мухаммадкадир Маҳмудов фуқароларни, айниқса ота-оналарни фарзандларига эътиборли бўлишга ва бефарқ қолмасликка чақирди.
Комментарии