• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Криминал 25 сентября 2025

Наманганда 15 млрд сўмлик минглаб қадоқдаги муддати ўтган ва сифатсиз дори воситалари аниқланди

"Ферромед," "Тетрафлю," "Азимак," "Аспирин" каби 2300 дан ортиқ номдаги сертификатланмаган дорилар кейинчалик сотиш мақсадида махфий омборларда сақланган.

707
0

ДХХ, божхона органлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан Наманган вилоятида ноқонуний олиб кирилган ва сертификатланмаган дори воситаларининг йирик айланмасига чек қўйилди.

Хусусан, Косонсой туманида яшовчи шахс Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 2100 қути "Ферромед" дори воситасини шартли харидорга 168 млн сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбирлар давомида унинг уйидан яна 4296 қути "Ферромед" топилган. Баҳолаш далолатномасига кўра, 6396 қути дори воситасининг умумий қиймати 1 млрд 223 млн сўмни ташкил этган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан ЖКнинг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Наманганда дори воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖлардан бирининг омбор мудири ва унинг икки танишига тегишли учта нотурар жой кўздан кечирилди.

Умумий қиймати 12,8 млрд сўмдан ортиқ бўлган, тегишли ҳужжатларсиз 2307 номдаги 195 323 дона қалбакилаштирилган дори воситалари аниқланган.

Ҳозирда дори воситалари суд-кимё ва товаршунослик экспертизасига юборилган, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Наманган шаҳри ва Уйчи туманидаги 2 та яширин омборхоналарда хорижда ишлаб чиқарилган 128 номдаги, умумий қиймати 1,2 млрд сўмлик 45 641 дона дори воситалари борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, сифат сертификатига эга бўлмаган ушбу препаратларнинг бир қисми яроқлилик муддати ўтган бўлиб чиқди. Ҳозирда дори воситалари экспертизага юборилган, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

707
0

Комментарии