Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида бу галги йиғилиш шиддат билан ўзгараётган, мураккаб глобал вазият шароитида ўтаётгани, бу эса БМТ фаолияти ва келажагига янгича қараш ва ёндашувларни тақозо этаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан давлат раҳбари замонавий таҳдид ва хатарларга қарши янада самарали курашиш, ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгаши таркибини трансформация қилиш ва кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади. Шунингдек, у барқарор келажакни қуриш бўйича бир қатор янги глобал ташаббусларни илгари сурди.
Президент ўқитувчи ва мураббийлик касбининг нуфузини ошириш ҳақида сўз юритар экан, педагогларнинг тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформа яратиш мақсадида Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.
Шунингдек, у гендер сиёсатига алоҳида тўхталиб, мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий ва ишбилармонлик ҳаётида аёлларнинг ролини ошириш ниятида эканлигини маълум қилди. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Осиё хотин-қизлари форумини доимий платформага айлантириб, уни мунтазам ўтказиб бориш зарурлигини таъкидлади.
"Яна бир муҳим йўналиш – гендер сиёсати. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг ролини бундан буён ҳам мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Кенг минтақамиз миқёсида эса Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз. Яна бир бор таъкидламоқчиман: биз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида олган мажбуриятларимизга содиқмиз. 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилганмиз", - дейди Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мақсадларга эришиш учун барча хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга асосий эътибор қаратилади. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни таклиф этди.
Жумладан, Мирзиёкев ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари таклиф қилди.
Шу билан бирга, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
"Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир.
Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз.
Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз.
Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз", - дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг таъкидлашича, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгаш тузилган. Президент уни Халқаро компетенциялар марказига айлантиришни таклиф этди.
Бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлгини билдирди.
Комментарии