Шавкат Мирзиёев 2026 йил 15 январдан 28 февралгача мамлакатда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ўтказилиши тўғрисида фармон чиқарди.
Аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш учун республика комиссияси тузилади. У жорий йилнинг 15 декабридан ўз ишини бошлайди ва 2026 йил 1 мартгача давом этади.
Маълум қилинишича, Миллий статистика комиссияси Маҳаллалар уюшмаси билан биргаликда "маҳалла еттилиги" тизими ходимлари томонидан аҳолини рўйхатга олишни планшетдан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлайди.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари 2026 йил 15-31 январь кунлари ўзларида ишловчи барча ходимларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди.
Президент бўлажак аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг асосий мақсадларини белгилаб берди.
38 миллион аҳолининг аҳоли таркиби, миграцияси, оилавий аҳволи, даромад манбалари ва фаолият турлари бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси қўйилди. Бу ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, шу жумладан 2020-йилги Европа статистиклари конференцияси тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш учун зарурдир.
Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга олиш ҳар йили қишлоқ хўжалигига ажратилаётган 25,6 трлн сўм, шундан 2,2 трлн сўми бюджет маблағларини самарали тақсимлаш учун долзарб маълумотлар базасини яратишга ёрдам беради. Шунингдек, аграр соҳадаги хизматлар ҳажмини баҳолаш, 26 млн гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолатини ўрганиш, чорва моллари ва паррандалар сони бўйича аниқ маълумотларни олиш режалаштирилган.
Комментарии