Бугун, 15 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан мулоқотда педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди.
Унга кўра, янги йилдан бошлаб камида 15 йиллик иш стажига эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бўйича бошланғич бадалнинг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бундан ташқари, келгуси ўқув йилидан давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагогларнинг фарзандларига контракт тўловидан 30 фоиз чегирма берилади.
Янги таълим технологияларини кенг қўллаш мақсадида компьютер харид қилиш учун ўқитувчиларга 10 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.
Келгуси йилдан педагогларнинг давлат хизматлари учун тўловлари 2 бараварга камайтирилади. Бошланғич синф ўқитувчиларига ҳам, фан ўқитувчиларига ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий этилади. Сертификат эгаларига ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади.
Шунингдек, бакалавриатни имтиёзли тамомлаб, мактабга ишга жойлашган битирувчиларга автоматик равишда иккинчи малака тоифаси, магистратура битирувчиларига эса иккинчи малака тоифаси берилади.
Дунёнинг ТОП-300 та олийгоҳига кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити, ТОП-100 таликка кирган мактаб ва боғча, ТОП-20 таликка кирган техникум ва ТОП-10 таликка кирган олийгоҳ педагогларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа ва темир йўл чипталарига йилига бир марта 15-20 фоиз чегирма берилади.
Комментарии