Ички ишлар вазирлиги ҳаракат тезлигини 100 км/соатдан ортиқ оширган ҳайдовчилар учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилмоқда.
Тайёрланган қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддаси қуйидаги қисми билан тўлдирилиши назарда тутилган: транспорт воситасини ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликдан 100 км/соатдан ортиқ оширилиши олти ой муддатга ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 20 БРВ (8,24 млн сўм) миқдорида жарима қўллашга олиб келади.
Бундан ташқари, йўл четида юк автомобилларини тўхтатиб қўйиш ёки қолдириш учун (амалдаги ЙҲҚда рухсат этилган ҳолатлардан ташқари) жарима белгилаш таклиф этилмоқда. Бу ҳуқуқбузарлик учун 5 БРВ (2,06 млн сўм) миқдорида жарима қўлланади.
Шунингдек, янги 125-4-модда жорий этилмоқда – утилизация қилиниши ёки қисмларга ажратилиб сотилиши керак бўлган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш.
Утилизация ёки қисмларга ажратиш мақсадида транспорт воситаларини белгиланган тартибда ваколатли органга рўйхатга олиш гувоҳномаси ва давлат рақам белгисини топширмасдан туриб ноқонуний равишда утилизация қилиш ёки қисмларга ажратиш фуқароларга 5 БРВ (2,06 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 10 БРВ (4,12 млн сўм) миқдорида жарима қўлланишига олиб келади.
Комментарии