Жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосини яхшилаш мақсадида 40 050 та автотранспорт воситаси текширилди, бу ҳақда Экология вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳар йили икки босқичда ўтказиладиган “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичида (10 апрель – 10 май) Тошкентда 40 050 та автотранспорт воситаси текширилди. Уларнинг 586 тасида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори меъёрдан ортиқлиги аниқланиб, белгиланган тартибда камчиликлар бартараф этилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атмосферага 4,7 минг тонна зарарли ташламалар чиқарилишининг олди олинди. Бугун эса Тошкентда "Тоза ҳаво" ойлигининг иккинчи босқичи бошланди (10 сентябрь – 10 октябрь).
Тошкент шаҳрида 12 та ҳудудий ишчи гуруҳ ташкил этилди. Саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари ва иссиқхона хўжаликларидан атмосферага ташламаларни камайтириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳларга вазирлик ва идоралардан жами 150 нафардан ортиқ мутахассислар жалб қилинди.
2025 йилнинг январь — август ойларида 1452 объект хатлов қилинди, 174 та тунги рейд тадбири ўтказилиб, 281 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди. 154 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 20 та объект фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида судга ариза киритилди, 179 та қонун бузилиш ҳолати бартараф этилди. Шунингдек, 11 та замонавий қозон, 19 та фильтр ва 12 та чанг тозалаш ускуналари ўрнатилди.
Комментарии