Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари билан танишди.
Тақдимотда аграр соҳада самарадорлик ошганига қарамасдан, бу тармоқда "яширин иқтисодиёт" улуши юқорилигича қолаётгани, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам расмий статистикада акс этмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда 12 фоизлик ҚҚС ставкаси амал қилмоқда.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида шу ҳақда сўз борди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев мутасадди идораларга фермер ва деҳқонларга янада қулай шароитлар яратиш, солиқ юкини камайтириш бўйича топшириқлар берган эди.
Унинг доирасида Халқаро валюта жамғармаси ҳамда хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида аграр соҳани "соядан" чиқариш бўйича таклифлар тайёрланди.
Янги ташаббусларга кўра, келгуси йил 1 январдан бошлаб, фермер ва деҳқонлар учун ўз маҳсулотини сотишда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 0 фоиз этиб белгиланади. Имтиёз сотилган мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига татбиқ этилади, пахта ва ғалла бундан мустасно.
Бунда уруғлик, ўғит, ёқилғи, транспорт, электр энергияси ва бошқа ишлаб чиқариш харажатлари учун тўланган ҚҚСни қайтариш амалиёти сақлаб қолинади. Бу фермерларга ҳар йили қўшимча 300 млрд сўмга яқин маблағни тежаш ва янги имтиёз ҳисобига яна 400 млрд сўмга яқин маблағни қайтариш имконини беради.
Кўрилган чора-тадбирлар соҳада шаффоф ишлашни рағбатлантириш, йирик саноат плантацияларини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Мутасаддиларга янги тартибни фермер ва деҳқонларга тушунтириб, уни самарали қўллаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Комментарии