ИИВ, Тезкор-қидирув департаменти, Киберхавфсизлик маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан банк карталаридан пул маблағларини ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази Тошкент бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жиноий гуруҳ аъзолари Android қурилмалари учун мўлжалланган ва Telegram мессенжери орқали тарқатиладиган .apk форматидаги зарарли файллар ёрдамида фойдаланувчиларнинг телефонларидаги СМС-хабарлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва бошқа маълумотларга кириш ҳуқуқига эга бўлган.
Ушбу маълумотлардан фойдаланиб, жиноятчилар банк карталаридан пул ўғирлашган.
Тезкор тадбирлар давомида гуруҳ аъзолари турли давлат фуқаролари экани маълум бўлди. Улар Telegram'да вирусни аниқлаган фуқароларнинг банк карталари маълумотлари, шунингдек, боғланган телефон рақамларига келган СМС-тасдиқлаш кодлари сақланадиган ёпиқ гуруҳни яратган.
Шунингдек, гумонланувчиларнинг телефон рақамлари кўздан кечирилганда, 177 та банк картасидан қарийб 1 миллиард сўм маблағ ўғирлангани аниқланган. Фирибгарлик ҳаракатлари ва ўғриликларни бошқариш call-марказ орқали амалга оширилган.
Ҳозирда республика ҳудудида ушбу жиноий гуруҳнинг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ушланган, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Комментарии