Бухорода сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати Матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Бухоро туманида истиқомат қилувчи, 1985 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони ҳамда унга алоқадор автотранспорт воситаси кўздан кечирилган. Текширув жараёнида “Имудон”, “Церебролизин”, “Дофамин”, “Маалокс” каби жами 78 номдаги 978 қути сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган дори воситалари аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Олиб борилган терговга қадар текширув давомида Бухоро шаҳрида яшовчи, 1962 йилда туғилган шахс унинг жиноий шериги эканлиги маълум бўлган.
“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси хулосасига кўра, ушбу дори воситаларининг 32 номдаги тури давлат реестрида қайд этилмаган, 57 номдаги дори воситасига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган, 6 номдаги дори сифатсиз деб топилган ва 4 номдаги восита қалбаки эканлиги, шунингдек сақлаш шароитлари бузилганлиги сабабли, уларни Ўзбекистон ҳудудида сотиш, сақлаш ва тиббий амалиётда қўллаш қатъиян тақиқланади.
Ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси, 186^3-моддаси 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, агар ушбу дори воситалари ўз вақтида тўхтатиб қолинмаганида, улар Бухоро шаҳри, Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги дорихоналар орқали сотувга чиқиб кетган бўлар эди.
Комментарии