Кеча Ўзбекистон Суперлигаси 15-тур доирасида бўлиб ўтган "Динамо" – "Насаф" учрашуви атрофида Қаршининг "Насаф" клуби Матбуот хизмати ходими ижтимоий тармоқда андижонликлар ва самарқандликларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилгани Telegram каналларда сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан "Насаф" футбол клуби расмий муносабат билдирди.
"Насаф" футбол клубининг маълум қилишча, айни вақтда меҳнат таътилида бўлган матбуот хизмати ходими Сарвар Бобоназаров кечаги учрашувда иштирок этмаган ва хизмат вазифасини бажармаган. Бироқ у ўзининг "Х" (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кечаги учрашув юзасидан "Андижон" ҳамда "Динамо" жамоалари мухлислари шаънига нисбатан номақбул ифодаларни ишлатган.
"Мазкур шахсий фикрлар "Насаф" футбол клуби позициясини акс эттирмайди ва клуб ҳар қандай кўринишдаги ҳақорат ва камситишларни қоралайди. Ушбу ҳолат юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди ва клуб одоб ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузганлиги сабабли Сарвар Бобоназаров билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Юзага келган ноқулай вазият учун жамоатчиликдан узр сўраймиз," - дейилади хабарда.
Комментарии