Қайд этилишича, республикада фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин ОАВнинг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатнинг медиа соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, миллий медиаконтентни ривожлантириш йўлида ёш ижодкорлар, мустақил студия ва продюсерлик марказлари фаолияти қўллаб-қувватланаётгани виртуал маконда юксак сифатли, рақобатбардош лойиҳалар пайдо бўлиши учун замин яратмоқда.
Таъкидланишича, журналистлар ва ижодий жамоалар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, бу йил "Олтин қалам" миллий мукофоти биринчи марта 27 июнда – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида топширилмоқда.
"Фурсатдан фойдаланиб, бугун сизларнинг иштирокингизда тантанали равишда тақдирланадиган барча танлов ғолибларини ва юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган соҳа ходимларини чин қалбимдан самимий табриклайман",- дейди Шавкат Мирзиёев.
Сизларнинг ҳар бирингиз келгусида ўз тажриба ва маҳорат мактабингизни яратиб, миллий журналистикамиз равнақига янада катта ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман.
Ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг машаққатли меҳнатини қадрлаш, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бундан буён ҳам Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Сизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, қалбимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Доимо соғ-омон бўлинг, масъулиятли ва шарафли меҳнатингиздан барака топинг, азизлар!
Комментарии