Янги Ўзбекистон кўчасида пиёда ва велосипед йўлакларини қуриш, сайилгоҳлар ҳамда фавворалар ташкил этиш, шунингдек, ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 81,5 млрд сўм маблағ ажратилади. Худди шу маблағлар ҳисобидан ерлари шаҳар захира фондига ўтказилган уй-жой мулкдорлари ва фермерларга компенсациялар тўланади. Тегишли қарорни Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолади.
Ҳужжатда айтилишича, қарор президентнинг "Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва ҳукуматнинг "Янги Ўзбекистон кўчаси инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида президент Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишган эди. Кўчада ишбилармонлик маркази ва ривожланган йўлбўйи инфратузилмасини яратиш режалаштирилган. Кўча бўйида "Тошкент-Шарқий" аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси ҳам бўлади. Бу вазифаларни амалга ошириш учун махсус дирекция тузилиб, архитектура концепцияси ишлаб чиқилди.
Комментарии