Ўзбекистонда Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан буён ўтган қарийб 8 йил ичида 219 триллион сўмдан ортиқ ёки 17 миллиард доллардан ортиқ маблағ (эълон қилинган пайтдаги МБ курси бўйича) ундирилган. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Шундан қарийб 95 трлн сўми давлат фойдасига, 67 трлн сўми тадбиркорлик субъектлари фойдасига, 46 трлн сўми банклар фойдасига ва 11,3 трлн сўмдан ортиғи фуқаролар фойдасига ундирилган.
Энергетика, сув таъминоти ва бошқарув сервис компанияларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 5 трлн сўмдан ортиқ маблағ ундирилган. "Темир дафтар," "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари" дастурлари доирасида фуқароларга 3,6 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Болалар манфаатида 6,6 трлн сўм алимент ундирилган.
Алимент мажбуриятлари бўйича қарз ҳисобига 27,9 млрд сўмлик 179 та уй-жой, 3,7 млрд сўмлик 45 та автомашина ва 4,1 млрд сўмлик 280 та бошқа мол-мулк ўтказилган.
Бундан ташқари, давлат ижрочилари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 188 мингдан ортиқ оила яраштирилди.
Ишдан ноқонуний бўшатилган 5625 нафар фуқаролар ишга тикланиб, уларга 327,1 млн сўм иш ҳақи қарздорлиги тўлаб берилди.
Комментарии