Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея президенти Ли Чжэ Мённи ушбу лавозимга сайлангани билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди. Бу ҳақда президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Давлат раҳбари ўз мактубида Ли Чжэ Мён раҳбарлигида Корея Республикасининг интеллектуал ва иқтисодий қудрати янада ўсишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
"Биз Корея Республикаси билан дўстона ва кенг қамровли алоқаларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аминманки, сизнинг президентлик даврингизда алоҳида стратегик шериклик муносабатларимиз барча устувор соҳаларда жадал ривожланади", - дейилади мактубда.
Маълумот учун, мухолифатдаги демократик партиядан 49 фоиздан ортиқ овоз тўплаган Ли Чже Мён номзоди Жанубий Кореянинг янги президенти этиб сайланди, дея хабар берди Yonhap агентлиги.
Президент мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ли Чжэ Мённи ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Комментарии