Маълум қилинишича, ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ИИО билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбирда Қозоғистондан мамлакатимизга Тошкент вилоятидаги “Навоий” чегара божхона пости орқали кириб келган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи 2 нафар фуқарога тегишли тиббий ускуналар кўздан кечирилди.
Натижада ушбу ускуналар ичига яширилган, умумий баҳоси 1 млн АҚШ долларига тенг бўлган 4,206 кг “Мефедрон” ҳамда 3,970 кг “Алъфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур ишга алоқадор бўлган Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳам қўлга олинди.
Аниқланишича, улар “Телеграм” орқали наркотик моддалар савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси кўрсатмаларини бажариб келишган.
“Навоий” чегара божхона постида фош этилган бошқа ҳолатда эса, 1980 й.т. Қирғиз Республикаси фуқароси томонидан аравакаш сифатида ёлланган шахс Қозоғистондан мамлакатимизга газ плитасини олиб кирган вақтида тўхтатилиб текширилди.
Натижада, газ плитаси ичида 1,985 кг “Алъфа-ПВП” синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Тошкент шаҳрида яшовчи шахс ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Комментарии