• 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Ру
  • 11 960 сум
    -46.21
  • 13 761 сум
    -3.95
  • 150 сум
    -0.02
  • БРВ
    412 000 сум
  • МРОТ
    1 271 000 сум
Общество 12 мая 2025

Ўзбекистонда инфлюенсерлар фактларни текшириш ва солиқ тўлашга мажбур бўлади — қонун лойиҳаси

10 мингдан ортиқ обуначига эга инфлюенсерлар учун алоҳида мажбуриятлар жорий этиш таклиф қилинмоқда: маълумотларни текшириш, ёлғон хабарларни белгилаш, изоҳларни мониторинг қилиш ва солиқ тўлаш. Қоидаларга риоя этмаслик ҳолатида аккаунти олти ойгача блокланиши мумкин.

1062
0
АОКА

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Онлайн платформалар ва веб-сайтлар фойдаланувчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди. Қонунда блогер ва инфлюенсер тушунчалари фарқланади.

Ҳужжатга кўра, блогер – ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни, шу жумладан онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси);

Инфлюенcер – онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ўн мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер.

Қонунда блогерлар ва инфлюенсерларнинг қуйидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланади:

— қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай усулда контент яратиш, олиш ва тарқатиш;
— онлайн платформалар ва веб-сайтларда эркин фикр билдириш;
— ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, шараф ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ваколатли орган (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) ёки судга мурожаат қилиш;
— онлайн платформа эгаси, жамоат модератори ёки веб-сайт эгасига мурожаат қилиш;
— ижодий, тижорий ва қонуний фаолиятдан даромад олиш;
— платформанинг ўз манфаатлари ва қарашларига зид бўлган маҳсулларини рад этиш;
— нохуш контентни кўрсатишни чеклаш;
— аккаунт, жамоа ёки сайтига асоссиз чекловлар қўйилишидан ҳимояланган бўлиш ва чеклов бўлса, сабаблар кўрсатилган ҳолда хабардор қилиниши.

Бундан ташқари, блогер ва инфлюенсерлар мажбурдир:

— қонунчиликка риоя қилиш;
— бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шараф ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
— ноқонуний контентни тарқатмаслик;
— агар ноқонуний контент жойлаштирилган бўлса, уни олиб ташлаш;
— платформалар ёки сайтлар орқали ихтиёрий хайрия йиғишда пул маблағларининг қонунийлиги, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирилиш қуролларини тарқатишга қарши қонунларга риоя қилиш.

Инфлюенсерлар учун қўшимча мажбуриятлар:

— жамоатчиликка чиқаришдан олдин контентнинг ҳаққонийлигини текшириш;
— фуқаролар ёки ташкилотларнинг шараф ва қадр-қимматини туширувчи ёлғон маълумотни жойлаштирмаслик;
— ўз аккаунтлари, жамоалари ёки сайтларида изоҳлар бўлими ҳамда бошқа бўлимларни назорат қилиш, ноқонуний контент топилса, зудлик билан ўчириш;
— ёлғон маълумот тарқатилса, фуқаролар, ташкилотлар ёки давлат органлари мурожаати асосида уни ўчириш ёки “ёлғон” деб белгилаш;
— ёлғон маълумотдан жабр кўрган шахс талабига биноан раддия эълон қилиш;
— мулоқот учун очиқ алоқа маълумотларини жойлаштириш;
— суд ҳукми чиққунгача суриштирув материалларини прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз эълон қилмаслик;
— платформалар ёки сайтлар орқали амалга ошириладиган реклама ва бошқа даромадли фаолиятлардан солиқ тўлаш (Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ).

Агар инфлюенсер мажбуриятларини бажармаса, АОКА унга 10 календарь куни ичида бажарилиши лозим бўлган кўрсатма юборади. Шу билан бирга, инфлюенсер бу кўрсатмага суд тартибида эътироз билдириш ҳуқуқига эга.

Агар инфлюенсер кўрсатмани бажармаса, АИМК платформа эгаси ёки унинг вакилига инфлюенсернинг аккаунти ёки жамоаси фаолиятини Ўзбекистон ҳудудида вақтинча (олти ойгача) тўхтатиш ҳақида тақдимнома киритишга ҳақли.

Мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштиримаса, инфлюенсер ва веб-сайт эгасига тегишли бўлган аккаунт, оммавий ҳамжамият ва веб-сайтда реклама берилиши тақиқланади.

Юридик шахсларга тегишли аккаунтлар ёки сайтларда ушбу мажбуриятларга риоя этилиши учун жавобгарлик ушбу ташкилотнинг масъул ёки мансабдор шахси зиммасига юкланади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 майгача давом этади.

1062
0

Комментарии