Бугун, 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида ўтган давра суҳбатида АОКА томонидан соҳани тартибга солувчи тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинди.
Лойиҳанинг мақсади – фуқароларнинг онлайн-платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини қонун даражасида белгилаш, уларни ёлғон ахборот, нафрат уйғотувчи, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ноқонуний контентлардан ҳимоя қилишдан иборат.
Унда онлайн-платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган қатор нормалар назарда тутилган бўлиб, уларнинг қабул қилиниши энг аввало:
- онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун даражасида мустаҳкамлаш;
- Интернет тармоғида ахборот тарқатиш тартиблари борасида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлаш;
- онлайн-платформалар ва веб-сайт эгалари учун Ўзбекистонда фаолият юритишнинг аниқ шартларини белгилаш, уларнинг бизнес моделлари учун шарт-шароитларни аниқ прогнозлаш имкониятни яратиш;
- ахборот соҳаси иштирокчилари, жумладан, онлайн-платформалар, блогерлар, инфлюенсерлар ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида ўзаро мулоқот ва конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;
- интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги даражасини ошириш, болалар соғлигига хавф солувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмларни яратиш;
- фойдаланувчилар ўз шаън ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлардан ҳимояланиш борасида ҳуқуқий кафолатларга ва зарур ҳолларда ваколатли органнинг кўмагидан фойдаланиш имкониятини яратади.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳасида инфлюенсер ва блогерлар масъулияти ажратилиб, блогерлар мажбуриятлари сезиларли енгиллаштирилмоқда.
Давра суҳбатида лойиҳа билан киритилаётган янги ҳуқуқий институтлар батафсил кўриб чиқилди ва уни жамоатчилик муҳокамаси қўйиш тўғрисида хулосага келинди.
Комментарии