Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Фридрих Мерцни ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди, дея хабар бермоқда президент Матбуот котиби Шерзод Асадов.
Давлат раҳбари ўз мактубида Канцлер раҳбарлигидаги Ҳукуматнинг бошқаруви остида Германия жаҳоннинг етакчи демократик ва иқтисодий ривожланган мамлакати сифатида ўз мавқеини янада мустаҳкамлашда давом этишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Европа Иттифоқидаги анъанавий ва вақт синовларидан ўтган ҳамда муҳим ҳамкор бўлган Германия билан кўп қиррали ҳамда узоқ муддатли алоқаларни чуқурлаштиришга устувор аҳамият қаратиши таъкидланган.
"Сиз билан биргаликдаги қатъий саъй-ҳаракатларимиз билан “яшил” иқтисодиёт, инвестициялар, инфратузилма, технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва бошқа устувор соҳалардаги шериклигимиз жадал ривожланиб, келгусида мутлақо янги босқичга кўтарилишига аминман", - дейилади президент мактубида.
Комментарии