Аввалроқ, Комил Алламжоновга нисбатан суиқасд уйиштирилгани ва автомобилга ўқ отишда гумон қилинаётган 4 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган эдик.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ушбу воқеа юзасидан айрим фикрларни маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, тергов жараёнида суиқасдга алоқадор барча шахслар ва уларнинг мақсадлари аниқланиши лозим.
"Бироқ, натижаларни кутмай, Ғарбпараст ва мамлакат ичидаги айрим мухолиф ОАВ "чечен изи" ҳақидаги тахминни зўрма-зўраки ўртага ташлашди, кейинчалик эса бу изни менга боғлаб қўйишди.
Бу иғвогарона уринишга жавоб беришни ўйламайман. Айниқса, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг доно сиёсати туфайли Ўзбекистонда барча соҳалар, жумладан, ахборот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар аъло даражада йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, агар мен чиндан ҳам бирон нарсани режалаштирган бўлсам, ишни охирига етказган ва юз фоизлик натижага эришган бўлардим",- дейди Рамзан Қодиров.
Шунингдек, у Чеченлар ва ўзбеклар - умумий тарихий ўтмишга эга бўлган қардош халқлар эканлигини қайд этди.
"Бизни кўп нарсалар боғлаб туради. Мен учун шахсан Ўзбекистон - азиз отам Аҳмад Ҳожининг ҳаётидаги алоҳида ва муҳим қисм бўлиб, у ўзбек халқини ва унинг урф-одатларини жуда яхши кўрарди. Мен бу ахборот тарқатишни баъзи учинчи томонларнинг сиёсий ўйини воситаси ва мамлакатларимиз ўртасида келишмовчилик келтириб чиқаришга бўлган очиқ уриниш деб баҳолайман.
"Ишончим комилки, унинг ортидан Ғарб сохталари услубидаги бошқа нашрлар ҳам келади. Нима бўлишидан қатъий назар, мен ва Ўзбекистондаги азиз биродарларим. бу иғвогарона ахборот ташламалари ортида ким турганини аниқлаймиз",- дейди Қодиров.