Бугун, 6 ноябрь куни АҚШ Президенти сайлови ўтказилди ва унда Дональд Трамп ғалаба қозонди.
Давлат раҳбари Дональд Трампни АҚШ Президенти сайловида ғалаба қозонгани муносабати билан табрик йўллади.
"Биз Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгармас позициясини, ортга қайтмас тус олган туб ислоҳотларимизга кўрсатиб келаётган доимий кўмагини алоҳида қадрлаймиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, айнан Сизнинг илк президентлик даврингизда, 2018 йил май ойида Оқ уйда ўтказган сермаҳсул музокараларимиздан кейин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошланган эди.
Сизнинг шахсий эътиборингиз билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражада ривожланиб, ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган сиёсий мулоқотларимиз янада мустаҳкамланди, савдо-иқтисодий, хавфсизлик, ҳарбий-техникавий ва гуманитар алоқалар жадаллашди.
Шунингдек, “С5+1” платформаси ва “Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасида савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли Битими” доирасида минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоримиз.
Ишончим комилки, келгусида Афғонистонда барқарор тинчликни таъминлаш ва унинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг ажралмас қисмига айланади.
Узоқ муддатли ва кенг қамровли муносабатларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида Сиз, Жаноби Олийларининг Ўзбекистонга расмий ташрифингизни кутиб қоламиз",- дейди Мирзиёев.