Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Жаҳон банки Ўзбекистон учун $800 млнлик имтиёзли кредитларни тасдиқлади

Маблағлар ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, гендер зўравонликка қарши курашни кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, темир йўл ва энергетика соҳаларини такомиллаштириш ва бошқа ислоҳотларга йўналтирилади.

100views0replies
0

UzNews.uz

Жаҳон банки директорлар кенгаши мамлакатни инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтказишни жадаллаштиришга қаратилган Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлар шаклида 800 миллион долларлик молиявий пакетни тасдиқлади.
"Ушбу маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларига нисбатан пастроқ фоиз ставкаларида ва кредитни қоплаш учун узоқроқ муддатлар билан тақдим этилади. Бу Ўзбекистонга долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишга йўналтирилиши мумкин бўлган катта миқдордаги молиявий ресурсларни тежашга ёрдам беради," - дейилади банк матбуот-релизида.
Жаҳон банкининг маблағлари ҳукуматга қуйидаги соҳаларда аниқ натижаларга эришишни назарда тутувчи таркибий ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беради:
• ижтимоий ҳимоя тизими: муайян тоифадаги фуқаролар учун ишсизлик, касаллик ва оналик нафақалари қамровини кенгайтириш;
• гендер зўравонликка қарши кураш: маиший ва жинсий зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш;
• фермерларнинг қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш: ушбу ҳуқуқларга риоя этилишини кафолатловчи механизмларни ривожлантириш;
• ишбилармонлик муҳитини яхшилаш: инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилишни кафолатлайдиган қонунчиликни ишлаб чиқиш;
• давлат молиясини бошқариш: фискал рисклар бўйича ҳисобот механизмларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини бошқаришни такомиллаштириш;
• иқлим ўзгаришига қарши курашиш: иқлим ўзгаришига олиб келадиган атмосферага ташланмаларни камайтиришга ундайдиган қонунчиликни ишлаб чиқиш;
• сув ресурсларини бошқариш: сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчиларнинг масъулиятини кучайтириш учун институционал ва ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш;
• атроф-муҳит ва иқлимга таъсирни баҳолаш: иқлим ўзгариши, экологик омиллар ва ҳавонинг ифлосланиши иқтисодиётнинг турли тармоқларига, шунингдек, одамларнинг соғлиғи ва фаровонлигига таъсирини баҳолашда ҳокимият ваколатларини ривожлантириш;
• иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга инвестициялар: хусусий инвесторлар томонидан амалга оширилаётган экологик тоза лойиҳаларда давлат инвестициялари улушини ошириш;
• темир йўл сектори: темир йўл секторининг самарадорлиги ва даромадлилигини ошириш, темир йўл инфратузилмасини модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва ушбу секторда атмосферага чиқариладиган чиқиндиларни камайтириш учун ҳуқуқий базани яхшилаш;
• энергетика сектори: сектор фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни модернизация қилишга хусусий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида энергия тарифлари тизимини ислоҳ қилиш. Аҳолининг заиф қатламларини тарифлар ошиши оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий чора-тадбирларни амалга ошириш. Қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш учун ҳуқуқий ва институционал базани такомиллаштириш.
100views0replies
0

Изоҳлар