Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Ёғ, гўшт ва картошка импорти учун берилган ҚҚС имтиёзи узайтирилмоқда

Йил охиригача ёғ, гўшт ва картошка маҳсулотларини мамлакатга олиб киришда ва уларни реализацияси учун ҚҚС олинмаслиги белгиланмоқда.

313views0replies
0

Бухоро вилоят ҳокимлиги

Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасига кўра, ўсимлик ёғи, гўшт ва картошка маҳсулотлари импорти ҳамда реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилиши мумкин, дея хабар бермоқда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш ҳамда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишга оид амалдаги имтиёзлар муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилади.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан 2022 йил 31 декабрга қадар гўшт (мол, қўй), тирик ҳайвонлар (мол, қўй) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, шунингдек картошкани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Табиийки, бундай ҳолатда ўсимлик ёғи, шунингдек гўшт ва картошка маҳсулотлари импортига нисбатан ҚҚС имтиёзлари берилиши аҳолимизни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлақонли қондириш ҳамда ушбу маҳсулотлар нархларини бозорларда барқарор сақлашга хизмат қилади.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг эртанги ялпи йиғилишида кўриб чиқилиши ҳамда депутатлар томонидан қабул қилинган тақдирда, Сенатнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқиш учун юборилиши кутилмоқда.
"Манбаларга кўра, банан, ананас ва бошқа ситруслар учун бождан озод қилиш бўйича жорий йилнинг 1 майига қадар берилган имтиёзлар муддати ҳам йил охиригача узайтирилиши мумкин. Тан олиш жоизки, бу ҳаракатлар барчаси аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг харид қобилиятини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, инфляция даражасини 10-12 фоиз атрофида ушлаб туриш имконини беради", - дейилади хабарда.
313views0replies
0

Изоҳлар