Шавкат Мирзиёев судларда комплаенс-назорат тизими самарадорлигини оширишга оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда суд тизимида коррупция хавфларини эрта аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ходимларнинг касбий масъулиятини ошириш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Олий суд тузилмасида Комплаенс-назорат хизмати ташкил этиш таклиф қилинди. Бевосита Олий суд раисига бўйсунадиган мазкур хизмат таркибида ҳудудий судларда ҳам комплаенс инспекторлари фаолият юритади.
Комплаенс хизмати коррупция хавфларини аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини йўқотиш, шунингдек, ходимлар томонидан қонунчилик ва касбий этика қоидаларига риоя этилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган суд аппарати лавозимлари рўйхати тасдиқланади ҳамда юқори хавфли жараёнларда инсон омили таъсирини камайтириш ва рақамлаштириш чоралари кўрилади.
Бундан ташқари, судьяларнинг манфаатлар тўқнашуви, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияларни тақдим этиш ҳамда таҳлил қилиш учун автоматлаштирилган электрон тизим жорий этилади. Худди шундай тизим суд аппарати ходимлари учун ҳам амал қилади.
Коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи хавфларни аниқлашга қаратилган электрон ахборот тизимлари ҳам жорий этилади. Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берувчи ходимларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз мурожаат каналларини яратиш муҳимлиги қайд этилди.
Йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга бардошлилик даражаси бўйича диагностика ўтказилади. Судьяликка номзодларни тайёрлаш жараёнида уларнинг шахсий ва касбий сифатлари, шунингдек, коррупция хавфларига чидамлилиги баҳоланади.
Суд ишларини автоматик тақсимлаш дастури ҳам такомиллаштирилиб, ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонлари аниқ белгилаб берилади ҳамда жараёнлар шаффофлиги таъминланади.
Шу билан бирга, суд аппаратига ишга қабул қилиш тизими тубдан янгиланади. У очиқ танлов, шаффоф тартиблар ва меритократия тамойиллари асосида ташкил этилади. Номзодларнинг касбий, маънавий-ахлоқий фазилатлари ва ҳалоллиги замонавий баҳолаш тизими орқали текширилади.
Суд ходимлари учун манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи фаолият билан шуғулланиш, тадбиркорлик қилиш ҳамда хорижда ҳисобрақамлар очиш каби чекловлар жорий этилади.
Тақдимот давомида суд аппарати ходимлари учун махсус хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Бу ходимларда масъулият, интизом ва этик маданиятни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлат раҳбари суд тизимида шаффоф, ҳалол ва адолатли муҳитни шакллантириш аҳолининг суд ҳимоясига бўлган ишончини оширишда муҳим омил эканини қайд этиб, таклифларни пухта ишлаб чиқиш ва комплаенс хизматига малакали кадрларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ