Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Сенат Кенгаши янги тангалар ва уларнинг дизайнини маъқуллади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 50 (эллик), 100 (юз), 200 (икки юз) ва 500 (беш юз) сўмлик тангалар чиқариш тўғрисида таклиф билдирди.

3100views0replies
0

senat.uz

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисини жорий йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенатнинг ялпи мажлиси кун тартибига Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил ижро этишга, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган масалалар киритилмоқда.
“Давлат мукофотлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Ўзбекистон Республикаси уй-жой-коммунал хизмати соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги, “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг бир қанча қонунларини кўриб чиқади.
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахборотини эшитади ҳамда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.
Ўн тўртинчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девони фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Кенгаш томонидан ишчи гуруҳ тузилди.
Шу билан бир қаторда, Кенгаш аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 50 (эллик), 100 (юз), 200 (икки юз) ва 500 (беш юз) сўмлик тангалар чиқариш тўғрисидаги таклифи, уларнинг намуналари ва дизайни кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабарига кўра, Сенат Кенгаши ўз ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
3100views0replies
0

Изоҳлар