Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Алишер Усмонов Ўзбекистонга имкон қадар ёрдам беришини маълум қилди

Алишер Усмонов Reuters'га берган интервьюсида, Ўзбекистоннинг янги раҳбарига ташқи дунёга очилишга ва Ўзбекистонга имкон қадар ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.

3086views0replies
0

"Мен қўлимдан келганича Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёрман ва шундай қиляпман ҳам, - деди Усмонов агентликка телефон орқали берган интервьюсида. - Менинг бугунги кундаги ролим - маслаҳатлашувлар, маслаҳатлашувлар ва хайрия лойиҳалари".
Ўзбекистонга қанча маблағ йўналтирмоқчи экани ҳақидаги саволга у "Қўлимдан келганича", деб жавоб берди.
У сармояларга батафсил тўхталмади, фақат гап орасида ўзи 49 фоиз акциясига эгалик қилувчи Россиянинг USM холдинг компанияси ва Ўзбекистоннинг металлургия заводи ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганини айтиб ўтди. Миллиардер бу алоқаларнинг қайси босқичда эканига ойдинлик киритмади.
"Ҳозирги раҳбарият амалга ошираётган молиявий ислоҳотларнинг дадиллигини жуда ҳурмат қиламан. Мен аксарият мамлакатларда бўлгани каби, бу 3-5 йил вақт олса керак деб ўйлагандим. Бироқ бу ерда вазият бир йилда ҳал бўлди", - деди ишбилармон.
"Авваллари Ўзбекистонга сармоя киритишдан ҳамма чўчирди, чунки даромадлар репатриацияси механизми йўқ эди. Бугун муаммо қонун нуқтаи назаридан деярли ҳал қилиб бўлинди. Бу Ўзбекистон учун улкан, илғор ислоҳотлар", - деди у.
Шунингдек, Усмоновнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистон ҳукумати билан ислом маданий меросининг марказлари бўлган Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида тарихий масканларни қайта таъмирлашга доир лойиҳалар бўйича ишлаётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, кўп мамлакатлар Ўзбекистонга сармоя киритишга ҳаракат қилади, бунинг учун уларнинг капитали ҳимояланишига кафолат берилиб, қулай инвестицион муҳит яратилса бўлгани.
"Бу президент ўз олдига қўйган вазифалар ва ўйлайманки, у бунга эришади. Мен имкон қадар уларга ёрдам бераман", - деди Усмонов.
У ўз юртдошлари, шу жумладан ўзбекистонликларни ватанининг гуллаб-яшнаши ва сиёсий жиҳатдан адолатли бўлишига ёрдам беришга чақирди.
"Мен ўз миссиямни шунда кўряпман, чунки бугунги нафақа ёшида қўлимдан келадигани - ёрдам бериш ва ўз тажрибам билан бўлишиш".
3086views0replies
0

Изоҳлар