Излаш
RUUZ

Жамият

Ўзбекистон ҳарбийлари Буюк Британияда ўтказилган нуфузли мусобақада 2-ўринни эгаллади — фото

Разведка ва махсус бўлинмаларнинг “Кембрия патрули” халқаро мусобақаси якунига етди.

746views0replies
0

Мудофаа вазирлиги

29 сентябрдан 17 октябргача Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида ўтказилган разведка ва махсус бўлинмаларнинг “Кембрия патрули” халқаро мусобақасида ўзбекистонлик ҳарбийлар совриндор бўлишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги UzNews.uz’га хабар берди.
Унда жаҳоннинг 18 та давлатидан 103 та жамоа қатнашди. Мусобақанинг фаол босқичи 14 октябрда бошланди. Мусобақа конкурсларидаги йўналиш 90 км масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8-10 км.да бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди. 
Шунингдек, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман объектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартлар ҳам бажарилди.
Бундан ташқари жамоаларга 8 та кутилмаган “тест сюрприз” (хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенцияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқларни бажаришга шайлиги бўйича билдирув бериш) топшириқлари ҳам берилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мусобақада турли мураккаб шартлардан иборат 90 км масофани 37 соатда босиб ўтди.
Халқаро мусобақа натижаларига кўра, I ўрин ва олтин медалларни мезбон давлат – Буюк Британия жамоаси, II ўрин ва кумуш медалларни Германия, Франция, Италия, Ҳиндистон, АҚШ каби ривожланган давлатлар жамоаларини ортда қолдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси, III ўрин ва бронза медалларни АҚШ жамоаси эгаллади.
746views0replies
0

Изоҳлар