Излаш
RUUZ

Жамият

“Ўта оғир юкни вазиятни чуқур биладиган миллий лидер Шавкат Мирзиёев ўз зиммаларига олмоқда” — Рустам Азимов

“Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ бош директори охирги 5 йилда президент ташаббуси билан амалга оширилган энг муҳим 8 ўзгаришларни санади.

880views0replies
0

UzNews.uz

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси” акционерлик жамияти бош директори Рустам Азимов Шавкат Мирзиёев томонидан охирги 5 йилда амалга оширилган муҳим ўзгаришларни келтирди.
“Шуни мамнуният билан айтиш керакки, президентимиз Шавкат Мирзиёев  ўта таҳликали ва мураккаб даврда жонажон ватанимиз истиқлолини нафақат кўз қорачиғидек асрамоқдалар ва ҳимоя қилмоқдалар, балки тез суръатлар билан ҳар томонлама мустаҳкамлаб бормоқдалар.
Ҳаёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Замон, шу билан бирга талаблар, мезонлар ўзгармоқда. Айниқса, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кейинги 5 йилда бўлган ўзгаришларни ўйлаганда одам ҳайратда қолади.
2017 йилдан бошлаб Шавкат ¬Миромонович Мирзиёев бошчиликларида Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар бошланган бўлса, мазкур амалга оширилаётган ислоҳотларни фақатгина санаб ўтишнинг ўзига бир кун камлик қилади”, - деб ёзади собиқ молия вазири.
Унга кўра, аҳоли фаровонлигини оширишга энг катта омил бўлган ўзгаришлар қуйидагилар:
Биринчиси — Ўзбекистон демократик жамиятни қуришга киришди. 
“Буни очиқ айтиш керак, осон қарор бўлмади. Эксперт ва мутахассислар “бу қадамни босишнинг вақти ҳали келмади, Сиз ҳам, маҳаллий ҳокимликлар ҳам жуда катта қийинчиликларга дуч келасизлар” деб муҳтарам Президентимизни бу йўлдан қайтармоқчи бўлишган.
Лекин, Шавкат Миромонович ўзларининг метин иродалари туфайли жуда тўғри ва доно қарор қабул қилдилар”, - таъкидлаган муаллиф. 
Иккинчиси — иқтисодий ислоҳотлар жадал ривожланяпти.
Валютанинг эркин айланмаси жорий қилингани, банк тизими ва пул муомаласининг эркинлаштирилиши, солиқ юкининг кескин камайтирилиши ва хусусий бизнесга кенг йўл очилиши каби муҳим ислоҳотлар тилга олинган.
Учинчиси — таълим-тарбия тизимининг тўлиқ ислоҳ қилиниши. 
Тўртинчиси —барча ҳудудларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари.
“Янги Ўзбекистон барпо этилаётгани бу қуруқ шиор эмас, балки бунинг негизида халқнинг фаровонлиги йўлидаги жуда катта ва тизимли ўзгаришлар рўй бераётгани ўз тасдиғини топмоқда”, - фикрини асослаган Р. Азимов.
Бешинчиси — саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида янги, давлат-хусусий шерикчилик тизими яратилиши.
Олтинчиси — қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, кластер тизимининг яратилиши.
Еттинчиси — Хавфсизлик, мудофаа ва ички ишлар тизимларидаги ислоҳотлар.
Саккизинчиси — ўтган 5 йил ичида қўшни давлатлар билан муносабатлар ижобий томонга ўзгариши. 
Ўзгаришларни далиллар билан таҳлил қилган Рустам Азимов Шавкат Мирзиёев бош вазир бўлиб ишлаганида ҳам кўплаб масалаларни ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилганини таъкидлади.
“Муҳим бир жиҳатни тўғри тушуниш керакки, бу ютуқлар тасодифан бўлгани йўқ. Бу ва бошқа ютуқларимизнинг негизида авваламбор юртбошимизнинг чуқур ўйланган сиёсатлари ва иродалари ҳамда шу сиёсатни кечаю кундуз амалга ошириш мақсадида ишлаётган ҳукумат аъзолари, ҳокимликлар ва фаоллар, қолаверса, бутун халқимизнинг фидокорона меҳнати турибди.
Бу ўта оғир юкни фақат давлатимизда вазиятни чуқур биладиган, бой билим ва тажрибага эга бўлган, иродали ва довюрак, олий даражадаги ташкилотчилик қобилиятига эга – миллий лидер Шавкат Мирзиёев матонат билан ўз зиммаларига олиб, амалга оширмоқдалар.
Мен шуни айтишим керакки, Шавкат Мирзиёев олдинги даврда, бош вазир лавозимида ишлаган пайтларида ҳам кўп долзарб масалаларни ўз зиммаларига олиб, ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилиб келганлар.
Мисол учун, пахта ҳосилига бевосита шахсий масъул бўлишларига қарамасдан, қонимизга сингган “амри вожиб” деган тушунчани четга суриб қўйиб, қатъият билан мактаб болаларини пахта йиғим-теримида далага чиқармасликка қарор қилдилар ва маҳаллий ҳокимларни ҳам шунга ундадилар” - фикрини асослаган Рустам Азимов.
880views0replies
0

Изоҳлар