Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қарийб $36 миллиардга етди

Ташқи қарз ҳажми йил бошига нисбатан 2 млрд долларга ошган. Марказий банк давлат ташқи қарзи ва хусусий секторнинг қарзи ўсишига изоҳ берди.

417views0replies
0

UzNews.uz

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми жорий йилнинг бошига нисбатан 6 фоизга ёки 2 млрд долларга ошган. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” нашрида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йил бошига нисбатан давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627,9 млн долларга ўсиб 22 млрд долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 11 фоизга ёки 1,4 млрд долларга ўсиб 13,9 млрд долларни ташкил этди.
Умумий ташқи қарз ўсувчан тенденцияга эга, боиси давлат ташқи қарзи ўсиши ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланса, хусусий секторда эса асосан тижорат банклари ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарзларнинг қисман сўндирилиши ҳисобига ўсиш кузатилди.
Хусусан, 2021 йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 3 фоизга ёки 627,9 млн долларга ошиб, жаҳон бозорида Ўзбекистон халқаро облигациялари нархларининг тушиши, шунингдек, янги қарздорликларнинг жалб қилиниши ва асосий қарз тўловлари амалга оширилиши ҳамда курслар ўзгариши ҳисобига 22 млрд долларни ташкил қилди.
Ҳисобот даври мобайнида давлат ташқи қарзи бўйича 353,4 млн доллар миқдордаги асосий қарз ва 206,5 млн доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.
Хусусий ташқи қарз тўловлари асосий қарз бўйича 1,6 млрд доллар ва фоиз тўловлари бўйича 238,8 млн долларни ташкил қилди. Бунда, асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловларнинг энг катта қисмини банклар, нефт-газ ва энергетика ҳамда бошқа сектор корхоналари амалга оширмоқда.
417views0replies
0

Изоҳлар