Излаш
RUUZ

Спорт

Токио-2020: Ўзбекистонликлар мусобақани омадсиз бошлашди

Йирик турнирнинг илк кунида 11 нафар ўзбекистонлик спортчи 8 та спорт тури бўйича қатнашди.

1029views0replies
0

МОҚ

Токио шаҳрида старт олган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси вакилларининг биринчи куни омадсиз бошланди. 8 та спорт тури бўйича қатнашган 11 нафар ўзбекистонлик спортчи мусобақа билан эрта хайрлашишди.
Ўқ отиш: 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш дастурида иштирок этган Мухтасар Тоҳирова саралашда 622.2 очко тўплай олди. Бу билан вакиламиз 33-кўрсаткични қайд этди.
Қиличбозлик: Сабля йўналишида 19 ёшли Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши жанг олиб борди ва 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Aкадемик эшкак эшиш: Енгил қайиқдаги жуфтлик баҳсларида иштирок этган Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев 2000 метр масофага кечган дастурда 6:44.98 дақиқа натижа қайд этишди. Бу билан улар ўз гуруҳларида тўртинчи ўринни банд этишди.
Теннис: Ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кечган муросасиз беллашувда Денис Истомин 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Денис иккинчи сетда ғалаба қозониб, учрашувда бироз бурилиш ясагандек бўлди, бироқ ҳал қилувчи сетда ҳиндистонлик ракетка устасига омад кулиб боқди.
Велоспорт: Муроджон Холмуродов шосседаги гуруҳ пойгасида 234 км масофада баҳс олиб боради.
Қиличбозлик: Шпага қуролида жанг олиб борган Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши баҳс олиб борди. Қизиқарли кечган беллашувда хитойлик қиличбоз 15:10 ҳисобида ғалаба қозонди.
Бокс: Шаҳноза Юнусовага полшалик Каролина Косевска рақиблик қилди. Шаҳноза Юнусова тажрибали боксчига қарши муносиб жанг қилди. Бироқ якунда полшалик боксчи ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди.
Дзюдо: -60 кг вазн тоифасида Шарофиддин Лутфиллаев украиналик Aртём Лесиукка қарши курашди. Муросасиз кечган беллашувда Шарофиддин Лутфиллаев кутилмаганда вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди ва Олимпиадани эрта тарк этди.
Бокс: Жазоирлик Aбдулхафид Бенчаблага қарши рингга кўтарилган Санжар Турсунов тенг курашлар остида кечган жангда кичик фарқ билан мағлубиятга учради. Иккинчи раундни ўз устунлигида ўтказа олган Турсунов қолган раундларда ташаббусни бой бериб қўйди.
Спорт гимнастикаси: Расулжон Абдураҳимов параллель тўсинда машқ қилиш йўналишида иштирок этиб, 14.733 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Бироқ бу финал йўлланмаси учун етарли бўлмади. Якунда 79.064 очко жамғарган гимнастикачи мусобақани 49-натижа билан тугатди.
1029views0replies
0

Изоҳлар