Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон қўшма баёнот имзолади

Фуқароларнинг ўзаро қатнови, энергетика, транспорт, автомобилсозлик ва бошқа соҳалар бўйича 35 та ҳужжат имзоланди.

643views0replies
0

president.uz

Қўшма баёнотда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилган ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган.  
Давлат раҳбарлари ҳузурида ташриф доирасида имзоланган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшан дарёсида ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” алмашилди.
Умуман, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.
Оммавий ахборот воситалари учун брифингда Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон музокаралар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтганини таъкидладилар.
- Биз муштарак тарих ва маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналар билан чамбарчас боғланган халқларимизнинг кўп асрлик дўстлигини жуда қадрлаймиз.
Шу ерда ўтирган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва делегациялар аъзолари кейинги бир неча йилда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатлари тараққиётида рўй берган улкан ўзгаришлар гувоҳидир.
Тожикистон билан яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош ва ўзгармас устувор йўналиши, - деди Шавкат Мирзиёев. – Биз кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг барча масалаларини диққат билан кўриб чиқдик. Шуни қайд этмоқчиман: ҳеч бир йўналиш эътибордан четда қолмади.
Музокаралар чоғида томонлар янги ўсиш нуқталарини белгилаб олдилар, келгуси йилда товар айирбошлашни икки баробар оширишни мақсад қилиб белгиладилар. Етакчилар икки мамлакат ҳудудларининг имкониятларини максимал даражада ишга тушириш, уларни туманлар даражасида “боғлаш”га келишиб олдилар.
Давлат раҳбарлари ташриф арафасида ўтказилган Ҳудудлар форуми ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг самарали якунларини, шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган шартномалар ва инвестиция келишувларлари имзоланганини мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор. Музокараларда етакчилар темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратиш тўғрисида келишувга эришдилар.
Бундан ташқари, президентлар маданият, фан, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштиришга келишиб олдилар.
643views0replies
0

Изоҳлар