Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкент метроси Зангиотадаги “ковид-марказ”гача етказилиши мумкин

Айни пайтда умумий узунлиги 15 километр бўлиши айтилаётган Тошкент метросининг 2-босқич қурилиш ишлари давом этмоқда.

1497views0replies
0

UzNews.uz

Тошкент метроси яна узайтирилиб, Зангиотадаги “ковид-марказ”гача етказилади. Бу ҳақда айни пайтда метро қурилишининг 2-босқичини олиб бораётган “67-Кўприкқурилиш” корхонаси раҳбари Жаҳонгир Набиев маълум қилди.
Жаҳонгир Набиевнинг таъкидлашича, Тошкент ҳалқа ерусти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янгиҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада 9 та бекат қуриш режалаштирилган. 
–  Эътиборлиси, метронинг 2-босқичи 9-бекати Янгиҳаёт туманидаги Кўп тармоқли касалхона, Тошкент металлургия заводи ҳамда яқин орада қуриладиган ва келгусида 60 минг аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилган мега лойиҳа – “Minerva city” ҳудудига яқин жойда қурилади.
Ҳозирда янги лойиҳа ҳам тасдиқланиши кутиляпти. Унга кўра, айни пайтда қурилаётган 2-йўналиш Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “ковид-марказ”гача етказилиши кўзда тутилмоқда”, – дейди мутахассис.
Қайд этилишича, айни вақтда қурилиш ишлари олиб борилаётган участка йўлларида муҳандислик коммуникацияларини бошқа ҳудудларга кўчириш ва уларни тармоқларга улаш, йўл-транспорт инфратузилмалари ва автомобиль йўлларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Унга кўра “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янгиҳаёт” участкаси доирасида қурилиш майдонида мавжуд сув, оқова, газ тармоқлари, турар ва нотурар бинолар қурилиш майдонидан бошқа ҳудудга кўчирилмоқда.
–  “Қўйлиқ – Қипчоқ – Янгиҳаёт” участкаси фойдаланишга топширилгач, бир кун давомида 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилади. Айни пайтда режага кўра барча қурилиш ишлари белгиланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда, – дейди “67-Кўприкқурилиш” корхонаси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, режага кўра Тошкент ҳалқа ерусти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.
1497views0replies
0

Изоҳлар