Излаш
RUUZ

Жамият

110-мактабдаги “калта пайпоқ” масаласига нуқта қўйилди

Вазирлик “текширув” акс этган видеотасвирни тарқатди.

1506views0replies
0

Видеодан кадр

Халқ таълими вазирлиги аввалроқ, Тошкент шаҳридаги 110-мактабда текширувчиларнинг синфхонага кириб, болаларнинг калта пайпоқ кийган ёки киймаганлигини текширгани айтилган маълумот бўйича ўрганишлари натижасини ва ўша куни қайд этилган видеотасвирни эълон қилди.
Таъкидланишича, видеотасвирдаги ҳолат 110-умумтаълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ҳамда директор ўринбосари ўқувчининг телефон ўйнаб ўтирганини ҳамда ўқитувчига нисбатан ҳурматсизликни кўриб, синфга киришга мажбур бўлган вақтида юз берган. 
Телефон билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинганидан сўнг улар томонидан болалар тартибга чақирилган ҳамда ўқувчиларнинг ўзларини дарсда тутишлари, ўқитувчига ҳурмат, дарсга эътибор қилиш, жисмоний тарбия кийимида дарсда ўтирмаслик каби масалалар бўйича тушунтириш берилган. 
“Видеотасвирдан бу ҳолат блогер айтганидек 20 дақиқа эмас, 9 дақиқа давом этгани кўриниб турибди. Ўзбек тили дарси бузилди деб жар солаётган ўзбек тили ҳимоячиси, ўқувчиларнинг ўзбек тили ўқитувчисини ва дарсни қанчалик беҳурмат қилаётганини ҳам ушбу видеодан холис ўрганиб, ота-оналарни ҳам ўз фарзандлари тарбиясига эътиборлироқ бўлишга чақиришини истаб қолардик”, – дейилади вазирлик муносабатида. 
Вазирлик тарқатган видеотасвирга кўра, муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу танаффусга қўнғироқ чалинганидан сўнг ўқитувчи томонидан ўқувчи қизнинг “нега бундай кийимга эътибор қилаяпсизлар” деган мазмундаги саволига жавоб тарзидаги шахсий фикри сифатида айтилган. 
“Ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли 2 нафар эркак ўқитувчи бироз қизишиб гапирган ва директор ўринбосар келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилган. Лекин видеодан кўриниб турибдики, атайлаб шов-шув қилинган мавзу бўйича ўқитувчи кириб дарсда маъруза қилмаган ва болалар пайпоғини ўлчаб расмга олмаган. Бу бўйича вазирлик томонидан мактабларга ҳеч қандай топшириқ бўлмаганлигини ҳам аввал маълум қилганмиз”, – дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни мабодо мактабда қандайдир салбий ҳолат юз бергани ҳақида гумон қилинса, ҳолатни ўрганмасдан, Интернетда шов-шув кўтармасликка, аксинча мактаб раҳбариятига ёки тегишли органларга мурожаат қилишга чақирмоқда.
1506views0replies
0

Изоҳлар