Излаш
RUUZ

Жамият

Наманганда ҳижобдаги ўқувчи қизлар билан профилактик суҳбат ўтказилди

Вилоят ИИБ ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг эътирозларига сабаб бўлган фото бўйича муносабат билдирди.

1484views0replies
0

Telegram

Ҳижобдаги ўқувчи қизларнинг ИИБ ходими қаршисида тургани акс этган фото ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Наманган вилояти ИИБ ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.  
Маълум қилинишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб томонидан туман ИИБга алоқа хати юборилган.    
Унда мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда 10 нафар қизлар белгиланган тартибдаги мактаб формасини кийиб юриш қоидаларига риоя қилмаётганликлари, уларга бир неча маротаба мактаб формасида, лозим бўлса, оддий рўмол ўраб келишлари тўғрисида тушунтирилганлиги, бироқ, ота-оналар ҳам, қизлар ҳам мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганликлари маълум қилинган.
10 апрель куни ушбу мактабда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида 9-10-11-синфлар ўртасида жиноят содир этилишини олдини олиш юзасидан муҳокама йиғилиши ташкил этилган.
Муҳокама давомида алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори тушунтирилган.
“Суҳбат якунида ўқувчи қизларга мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари, ҳижобда эмас рўмол ўрашлари мумкинлиги, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслиги тушунтириб ўтилган”, - дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг мазкур 666-сонли қарорида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларнинг давлат умумий ўрта таълим муассасасига 1-иловага мувофиқ тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурий ҳисобланади.
1484views0replies
0

Изоҳлар