Излаш
RUUZ

Жамият

ИИВ Al Jazeera'нинг Ўзбекистондаги мухбирини ёлғон маълумотлар тарқатганликда айбламоқда

ИИВга кўра, Агнешка Пикулицка сўнгги вақтларда юз берган ҳодисаларни нохолис ёритмоқда ва ёлғон маълумотларни эълон қилмоқда.

1405views0replies
0

twitter.com/Aga_Pik/

ИИВ жорий йил февраль ойидан буён Ўзбекистонда иш фаолиятини бошлаган “Al Jazeera” мухбири Агнешка Пикулицка (Agnieszka Pikulicka)ни ёлғон маълумотлар тарқатаётганликда айблади.
Вазирликка кўра, мухбир охирги кунларда Тошкент шаҳрининг Амир Темур хиёбонида содир этилган тартибсизликлар, фуқаро Миразиз Бозоровнинг иғволи чиқишлари ҳамда унга нисбатан номаълум шахслар томонидан етказилган тан жароҳатлари оқибатида жиноят иши очилганлигига оид воқеаларга ўз муносабатини билдириб, ўзининг Twitter’даги саҳифасида ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни тарқатмоқда.
Журналист жорий йилнинг 29 мартдан бошлаб М. Бозоров атрофида бўлаётган воқеаларга нохолис ёндашиб, ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида аслида рўй бермаётган воқеаларни ёритиб келмоқда.
Масалан, “Менинг йигитимни махсус хизматлар сўроқ қилишяпти, (у журналист ёки фаол эмас, фақат кеча мен билан шифохонада бўлган). Бу нотўғри йўл. Ҳурматли махсус хизматлар, сизлар одамларга ўлдириш билан таҳдид қилаётган, радикаллар билан ишни ҳал этинг.”
“Махсус хизматлар гейларни фаол қидиришмоқда. Одамларни расмларини кўрсатиб, уларни гейликда гумонлашяпти. Одамларга ЛБГТ жамоаси хақида маълумот тарқатишлик ҳақида босим ўтказишяпти. Эртага бошқалар ҳам сўроқ қилинади. Бу янги Ўзбекистон”.
“Мен биламан, Махсус хизматлар менинг дўстларимдан гейлар ҳақида сўрашяпти. Мен хорижлик бўлганим учун мени сўроққа чақиришмади. Ишонинг, бу ялмоғизларга ов!”
“Мен, унинг (М.Бозоровнинг) провокациялари ҳақида биламан. Лекин бу унинг оёғини синдиришга баҳона эмас. Уни гапига биз шубҳа билан қараймиз. Энди, барча уни шифохонада хабар олган одамларни ЛБГТ жамоасига алоқадорлиги савол туғилмоқда. Менинг йигитим синиб қайтиб келди”.
“Менинг бир дўстим ҳозир ДХХда, 4 ёки 5 соатдан бери. Бошқасини эртага чақиртиришяпти” ва ҳоказолар.
Вазирликнинг таъкидлашича, ниқобланган ҳолдаги шахсий адовати ёки ҳиссиётини баён этаётган мазкур журналист, маълумотларни гўёки Ўзбекистонда рўй бераётган “салбий ахборот” сифатида бир қатор хорижий интернет нашрларига тарқатган.
“Ваҳоланки, ушбу маълумотлар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди ҳамда мамлакатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини обрўсизлантиришга қаратилганлигининг яққол мисоли.
Мухбир Агнешка Пикулицка ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши мажбуриятини унутиб, ахборотни бузиб талқин этиб ва сохталаштириб тарқатган. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари эркинлигини суиистеъмол қилган”, - дейилади ИИВ муносабатида.
Шунингдек, ИИВ Al Jazeera журналистини Ўзбекистон ҳудудида кучда бўлган қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун 6-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 7-моддаси ҳамда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуни 6-моддаси талабларини бузганини таъкидлайди.
“Ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тарқатиб, фуқароларимизнинг онгини чалғитиш, давлат органлари фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларига нохолис маълумотлар етказиб, юртимиз ҳақида салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлишдан бу аёлга нима наф?” - дейилади ИИВнинг ҳолат юзасидан билдирган муносабатида.
1405views0replies
0

Изоҳлар