Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Марказий банк 1000 сўмлик купюранинг муомаладан чиқарилиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди

Марказий банк вакили 1000 сўмлик қоғоз пулларни топиш муаммога айланаётгани борасида юзага келган вазиятга ойдинлик киритди.

1669views0replies
0

UzNews.uz

Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров аҳоли томонидан 1000 сўмлик купюрани топиш қийинлашаётгани, банкнотнинг эҳтимолий муомаладан чиқарилиши борасидаги гап-сўзларга изоҳ берди.
– Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.
Бироқ бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётганлиги ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётганлиги ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.
“Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?” деган савол туғилиши табиий. Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чекланганлиги сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади.
Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган, - деди Фазлиддин Бозоров.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк охирги марта 100 минг сўмлик купюрани 2019 йилда муомалага чиқарганди.
1669views0replies
0

Изоҳлар