Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев президентлигида Ўзбекистонда янги давр очилди — ҳинд ОАВ

New Delhi Times нашри бош муҳаррири Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсати муваффақиятли бўлганини таъкидлади.

1363views0replies
0

president.uz

Ҳиндистоннинг New Delhi Times нашри Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистонга баҳо берилган мақолани чоп этди.
Нашр бош муҳаррири, доктор Анкит Сривастана муаллифлигидаги мақолада Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимини эгаллаганидан кейин мамлакатда ҳар томонлама мислсиз тараққиётни бошидан кечираётгани ёритилган. 
Муаллифга кўра, Ўзбекистон халқаро аренадаги мавқеини мустаҳкамлаб, Марказий Осиёнинг етакчи давлатига айланган.
Шавкат Мирзиёев эса Ўзбекистонда ислоҳот курашчисига айланган.
Анкит Сривастана ўз мулоҳазаларини мамлакатнинг турли соҳаларда эришган ютуқларини таҳлил қилган ҳолда баён қилган.
Хусусан, у президент Мирзиёевнинг мамлакат иқтисодий ҳаётида қабул қилган муҳим қарорларини олқишлаган.
“Ҳукумат халққа хизмат қилиши керак, аксинча эмас. Давлат раҳбари одамлар, ғоялар ва технологияларнинг эркин оқимини таъминлаган ҳолда савдо ва инвестициялар учун очиқлигини таъминлади”, таъкидлайди бош муҳаррир.
Доктор Анкит Сривастана Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда ривожлантириш стратегиясининг бешта устувор йўналишида белгиланган вазифа ва мажбуриятлар ҳаётга кўчганини алоҳида тилга олади.
Бу мамлакатнинг сиёсий тизими учун ижобий ўзгаришларни олиб келганига, жамоатчиликнинг сиёсатчилар ва сиёсий институтларга бўлган ишончи ошишига олиб келганини олқишлайди.
“Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари туфайли COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берган бир паллада мамлакатда ўсиш кўрсаткичлари кузатилмоқда”, ёзади ҳинд эксперти.
Ўтган йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ЯИМ 0,2 фоизга ўсди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон ЯИМ 2019 йил биринчи ярмида 5,8 фоизга ўсган. Прогнозлар мамлакат иқтисодиёти 2021 йилда 4,3 фоизга, 2022 йилда эса 4,5 фоизга ўсишини кўрсатмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг кредит хавфи рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни анча яхшиланмоқда. Жаҳон банкининг Doing Business рейтингига кўра, республика 7 поғона кўтарилган ва 190 давлат орасида 8-поғонани эгаллагани эътироф этилган.
Мамлакатнинг COVID-19’га қарши кураш чоралари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан алоҳида эътироф этилгани тилга олинган.
“Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини ҳамда Марказий Осиёдаги минтақавий актор сифатидаги ролини оширди. COVID-19 пандемияси даврида Шавкат Мирзиёев инфекция тарқалишига қарши чораларни ишлаб чиқишда етакчи бўлди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини ҳам кўрсатди”, ёзади бош муҳаррир.
Ўзбекистон президентининг Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш тарафдори эканини ёдга олиб, уни олқишлайди.
“Ушбу таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва минтақавий ўрнини нафақат мустаҳкамлайди, балки минтақадаги хавфсизликни ҳам кучайтиради”, дейди Анкит Сривастана.
Доктор Анкит Сривастана Шавкат Мирзиёев президентлиги даврини умумлаштириб, мамлакатнинг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсати муваффақиятли бўлганини қайд этади.
1363views0replies
0

Изоҳлар