Излаш
RUUZ

Криминал

Самарқандда ҳокимият ишчиси $15 минг билан ушланди. У фуқародан 1 га ер эвазига пора талаб қилган

Ургут туман ҳокими ўринбосари котибияти ходими ўзининг жиноий шериги билан 1 гектар ерни $30 мингга пулламоқчи бўлган.

810views0replies
0

Иллюстрация

Самарқанд вилояти Ургут тумани ҳокимлиги Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари котибияти ходими Н.Ш. ва унинг шериги Н.И.лар Ургут тумани эркин иқтисодий зонаси ҳудудида мавжуд захира ер майдонидан 1 гектар ер майдони ажратиб бериши эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари миқдорида пулларни беришини талаб қилган.
Самарқанд вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, фуқаро И.С. ДХХ Самарқанд вилоят бошқармасига бу масалада ариза билан мурожаат қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган. 
Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ДХХ вилоят бошқармаси ва Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда 2021 йил 20 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда, Н.Ш. Ургут тумани ҳокимлиги маъмурий биноси ёнида ўзига тегишли Lacetti русумли транспорт воситасида шериги Н.И. билан И.С.дан олдиндан келишилган 30 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллардан 15 минг АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида автомашина “бардачоги”дан 10 минг АҚШ доллари ва Н.И. чўнтагидан 5 минг АҚШ доллари миқдорида пуллар мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Департамент Самарқанд шаҳар бўлими томонидан фуқаро Н.Ш. ва Н.И.ларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
810views0replies
0

Изоҳлар