Излаш
RUUZ

Сиёсат

Афғон тижоратчилари Ўзбекистон ҳудудида 15 кун визасиз бўлишлари мумкин

Қайд этилишича, Сурхондарёда иқтисодий зона яратиш тўғрисидаги келишув муҳокама қилинган ва лойиҳанинг дастлабки ишлари бошлаб юборилган.

1259views0replies
0

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон ва Aфғонистон ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида қўшма иқтисодий зона ташкил этади. 
“Дунё” ахборот агентлигининг Афғонистоннинг етакчи нашрларидан бири – “The Daily Outlook Afghanistan” газетасига таяниб хабар беришича, жорий йил 22 декабрь куни Мозори-Шариф шаҳрида Сурхондарё ва Балх вилоятлари ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тузилган қўшма ишчи комиссиясининг иккинчи йиғилиши якунларига бағишланган учрашув бўлиб ўтган.  
Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида ташкил этилиши режалаштирилган иқтисодий зона афғон савдогарлари ва инвесторларига ёрдам беради.
Балх ва Сурхондарё ҳокимлари савдо ва маданий соҳаларда ўзбек-афғон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича Мозори-Шарифда ўтказилган иккинчи йиғилишда бу борада баёнот берди. 
Сурхондарё ҳокимининг сўзларига кўра, томонлар Сурхондарёда иқтисодий зона яратиш тўғрисидаги келишувни муҳокама қилган ва лойиҳанинг дастлабки ишлари бошлаб юборилган.
Расмий делегация аъзолари иқтисодий зонанинг ташкил этилиши афғон савдогарларини Ўзбекистонга сармоя киритишга ундашига умид билдирди. Ўзаро келишувга кўра, афғон тижоратчилари Сурхондарёда 15 кун визасиз бўлиши мумкин ва улар учун барча шароитлар яратилади.
Ўз навбатида, Балх вилояти ҳокими Муҳаммад Фарҳод Aзимий анжуманда иқтисодий зонанинг ташкил этилиши билан Aфғонистон маҳсулотларини жаҳон бозорларига экспорт қилиш имконияти кенгайишига эътибор қаратди.
Хабар қилинишича, тузилажак ишчи қўмитага тижоратчилар учун Aфғонистон ва Ўзбекистон ўртасида ташрифларни осонлаштириш вазифаси юклатилган. Шунингдек Ф. Aзимий ўзбекистонлик ишбилармонларни Aфғонистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳўл ва қуритилган мевалар, қимматбаҳо тошлар ва бошқа маҳсулотларини экспорт қилишга сармоя киритишга чақиргани ҳам айтилади.
“Афғон тижоратчилари Aфғонистон – Ўзбекистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг истиқболли бўлишига умид билдирмоқда”, - дейилади мақолада.
1259views0replies
0

Изоҳлар