Излаш
RUUZ

Жамият

“Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги сифатида қадрлайман” — президент ёшлар ҳақида

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюрди.

1117views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакат тарихида биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади, дея ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.  
– Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман, – деди Шавкат Мирзиёев ўз нутқида. 
Унда давлат раҳбари коронавирус пандемияси даврида ёшлар халқ дардига дармон бўлгани, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида кўнгилли сифатида қатнашиб, қийналган оилаларга амалий ёрдам берганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маълумки, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент шаҳри намунаси яратилиб, ўғил-қизларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини бевосита ўрганиш йўлга қўйилди. Ушбу тажриба мамлакатимиз бўйлаб кенг қанот ёзиб, барча шаҳар ва туманларда Ёшлар фестиваллари ўтказилди.
Бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. 
Қайд этилишича, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланди. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу эзгу ҳаракатни давлат раҳбари маъқуллади.
1117views0replies
0

Изоҳлар