Излаш
RUUZ

Спорт

“Жамоанинг асосий мухлиси бўлиб қоламан” — “Пахтакор” устози Шота Арвеладзе истеъфо берди

Грузиялик мутахассис клубни 2017 йилдан бери бошқариб келаётганди.

1071views0replies
0

Шота Арвеладзе / Instagram

“Пахтакор” клуби бош мураббийи бу ҳақда ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасида маълум қилди.  
“Уч йил ўтди. Бугун “Пахтакор” бош мураббийлигидан кетдим. Завқли, чиройли ва муваффақиятли йиллардан миннатдорман. Мухлисларга, клубга, ўйинчиларга, ходимларга ва бизни қўллаб-қувватлаган барча-барчага раҳмат дейман. Мазкур клубни бошқаришга имкон беришгани учун Бобур Шодиев, Улуғбек Муҳаммедов ва Дмитрий Адисмандан миннатдорман. Улар муваффақиятга эришиш йўлида улкан меҳнат қилишди. Жамоага ёшларни жалб қилдик, ўйин услубини ўзгартирдик. “Пахтакор”га келажакда ҳам улкан ғалабалар ёр бўлишини ва доимо кучли бўлиб қолишини тилайман. 
Энди “Пахтакор” бош мураббийи эмасман, аммо доим жамоанинг асосий мухлиси бўлиб қоламан. Мен учун ажойиб тажриба бўлди ва бу ерда фантастик даврни ўтказдим. Биз буюк жамоа бўлдик ва буни ҳеч қачон унутмайман” - деб ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, Шота Арвеладзе 2017 йил июнидан “Пахтакор”ни бошқариб келаётганди. Унинг қўл остида “шерлар” икки мартадан Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида, бир марта Лига Кубогида асосий совринга эга чиқди.
Арвеладзе “Пахтакор”дан олдин Голландиянинг “АЗ”, Туркиянинг “Кайсериспор”, “Касимпаша” каби клубларини ҳам бошқарган.
1071views0replies
0

Изоҳлар