Излаш
RUUZ

Иқтисодиёт

Сенаторлар 2021 йил учун Давлат бюджетини тасдиқлади

Асосий кўрсаткичлар коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.

873views0replies
0

senat.uz

Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.  
Мазкур қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022 – 2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.
Таъкидланишича, макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.
Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.
Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн. сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.
Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм, харажатлари эса 40,8 трлн. сўм миқдорида режалаштирилган.
Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн. сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.
Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн. сўм ажратилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн. сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн. сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн. сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн. сўм йўналтириш режалаштирилган.
Давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун (2 197 млрд. сўм), фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун (168 млрд. сўм) аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун (3 952 млрд. сўм) маблағ ажратиш режалаштирилган.
Шунингдек, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш чоралари доирасида Қонунда илк бор биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилиши назарда тутилганини қайд этиш лозим.
873views0replies
0

Изоҳлар