Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев ЕОИИнинг Ўзбекистон учун муҳим бўлган жиҳатларини айтди

Президент Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида қатнашиб, ташкилот аъзолари Ўзбекистоннинг асосий, табиий савдо шериклари эканлигини таъкидлади.

1424views0replies
0

president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклидаги йиғилишида иштирок этди.  
Йиғилишда аъзо давлатларнинг раҳбарлари қатнашди.
Саммит кун тартибига мувофиқ Ўзбекистонга ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш масаласи кўриб чиқилди, шунингдек, бирлашма доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг кузатувчи мақомини олиш тўғрисидаги мурожаати қўллаб-қувватлангани учун самимий миннатдорлик билдириб, ЕОИИнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётгани, ташкилотнинг хорижий мамлакатлар билан амалий ҳамкорлик географияси кенг эканини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги муҳим босқичида Ўзбекистон барча халқаро шериклар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни изчил кенгайтириб бориш, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан мулоқотни ривожлантириш тарафдори экани қайд этилди.
Давлат раҳбари буни қуйидаги муҳим омиллар билан изоҳлади.
ЕОИИ мамлакатлари, энг аввало, Ўзбекистоннинг асосий, табиий савдо шерикларидир. Кейинги йилларда юртимизнинг ташкилот давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ортди.
Мамлакатларимиз иқтисодиётлари кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдириб туради, турли тармоқларда самарали кооперация ва мингдан ортиқ қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилгани бундан далолатдир.
Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатларнинг транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаси чуқур интеграциялашган ва ўзаро яқиндан боғланган.
Бундан ташқари, кенг Евроосиё минтақаси доирасидаги ўзаро манфаатли муносабатларга меҳнат ресурсларининг юқори даражадаги мобиллиги хосдир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз иқтисодиётларининг улкан салоҳиятидан тўлиқ ҳажмда фойдаланиш, савдо муносабатларидаги тўсиқ ва ғовларни биргаликда бартараф этиш, ўзаро саъй-ҳаракатлар билан янги бозорларни шакллантиришга чақирди.
Ўзбекистон саноат кооперациясини кенгайтириш, илғор тажриба ва инновацион ёндашувлар асосида қўшилган қиймат яратишнинг барқарор занжирларини шакллантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Транспорт ва транзит соҳасида ўзаро мувофиқлашган ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса транспорт йўлакларини янада фаол ишга солиш, уларнинг рақобатбардошлиги ва қувватини салмоқли даражада оширишга ёрдам беради.
Меҳнат миграцияси соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу аҳоли бандлиги билан боғлиқ кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилиш ҳамда иштирокчи давлатлар иқтисодиётларининг малакали мутахассисларга тобора ортиб бораётган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши якунида ЕОИИга аъзо мамлакатлар етакчилари Ўзбекистонга ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилдилар.
1424views0replies
0

Изоҳлар