1 USD = 10487.54 1 EUR = 12692.02 1 RUB = 142.44
БҲМ = 245 000 сўм МҲЭКМ = 747 300 сўм
1 USD = 10487.54 1 EUR = 12692.02 1 RUB = 142.44
БҲМ = 245 000 сўм МҲЭКМ = 747 300 сўм
Жамият
9 декабрь 2020 г. 698 0

Президент авиачипталар нархини арзонлаштириш ҳақида топшириқ берди

Бугун туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент авиачипталар нархини арзонлаштириш ҳақида топшириқ берди
Фото: president.uz

Шавкат Мирзиёев 9 декабрь куни бўлиб ўтган туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифаларга оид видеселектор йиғилишида миллий авиакомпанияда чипталар нархи баландлигини танқид қилди ҳамда уни арзонлаштириш вазифасини қўйди.

Шунингдек, келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. 

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.

Давлат раҳбари зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилди.

Соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.

Ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланди. Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитага 300 та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилди.

Буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокимлигига шу борада кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида ислом дини ва минтақадаги дин намояндалари тематик хиёбони лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

Изоҳлар
Изоҳ қолдириш Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
Янгилик қўшиш
Муҳокама қилинаётган барча мақолалар